Қонун ҳужжатларини қўллашни такомиллаштириш йўлида
Жорий йилнинг 18 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этишди.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси Д.Мирзакаримов бошқарган мажлисда мамлакатимизда юртбошимиз Ислом Каримов раҳнамолигида амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларнинг бош йўналишларидан бири – бу хўжалик шартномаларининг аҳамиятини ошириш ва шартномавий муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишни такомиллаштиришдан иборатлиги таъкидланди.
Демократик ҳуқуқий давлат қуриш ва фуқаролик жамиятини шакллаштиришнинг муҳим таркибий қисми бўлган суд-ҳуқуқ ислоҳотлари кейинги йилларда янада чуқурлаштирилди. Шундан келиб чиқиб, хўжалик судлари фаолиятида асосий эътибор қонунийлик ва адолатни таъминлаш, хўжалик юритувчи субъектларнинг ҳуқуқ ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишни кучайтириш, қабул қилинган қонунларни амалиётга татбиқ этишдан келиб чиқадиган вазифаларни бажаришга қаратилмоқда.
Жумладан, ушбу Пленум мажлиси муҳокамасига киритилган “Хўжалик шартномаларини тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи фуқаролик қонун ҳужжатлари нормаларини қўллашнинг айрим масалалари тўғрисидаги” Пленум қарори лойиҳаси мазкур масала бўйича суд амалиётида юзага келаётган баъзи бир ноаниқликларни бартараф этишга қаратилган.
Маълумки, хўжалик юритувчи субъектлар ўртасида тузиладиган шартномалар уларнинг ўзаро иқтисодий муносабатларидаги асосий ҳужжат ҳисобланади. Республикамизда шартномаларни тузиш, ўзгартириш ва бекор қилишни тартибга солувчи ҳуқуқий асослар яратилган бўлиб, шартномаларнинг моҳияти, уларни тузиш ва ўзгартириш ҳақидаги нормалар Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодекси, “Хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятининг шартномавий-ҳуқуқий базаси тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни ва бошқа бир қатор қонун ҳужжатларида ўз аксини топган.
Қайд этилган масала юзасидан Пленум муҳокамасига киритилган қарор лойиҳасида хўжалик судларининг эътибори кўрсатилган тоифадаги ишлар бўйича чиқарилаётган суд қарорлари сифатини оширишга эришишлари, уларни кўриб чиқиш муддатларига қатъий риоя қилишлари, қонун ҳужжатларининг бузилишига олиб келувчи сабаблар ва шароитларга баҳо беришларига қаратиш бўйича батафсил тушунтириш берилган.
Шунингдек, Пленум мажлисида “Келишув битимини тасдиқлашда Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодекси нормаларининг қўлланилиши ҳақида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Таъкидлаш жоизки, суд тарафларни муросага келтиришга кўмаклашиши натижасида уларнинг келишув битими тузишига ёрдам бериши ва бунинг чораларини кўриши лозим.
Статистик маълумотларга кўра, 2009 йилнинг 11 ойи мобайнида хўжалик судлари томонидан жами 1023 та хўжалик ишлари бўйича тарафлар ўртасида тузилган келишув битими тасдиқланиб, иш юритиш тугатилган.
Бироқ, айрим хўжалик судлари томонидан келишув битимини тасдиқлаш тўғрисидаги ажримларни расмийлаштиришда процессуал хатоликларга йўл қўйилаётганлиги кузатилмоқда.
Пленум қарори лойиҳасида амалиётда учраётган айрим муаммолар, келишув битимларини тасдиқлаш мобайнида судлар томонидан инобатга олиниши лозим бўлган масалалар, суд ажримларини расмийлаштиришда қўйиладиган талаблар, қонуний кучга кирган келишув битимларини мажбурий ижрога қаратиш билан боғлиқ масалалар юзасидан тегишли тушунтиришлар берилган.
Йиғилишда юқоридаги масалалар бўйича кўриб чиқилган ва қабул қилинган Пленум қарорлари, ҳеч шубҳасиз, тадбиркорлик фаолияти субъектларининг ҳуқуқ ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни мустаҳкамлаш, қонунийлик ва одил судловни таъминлашга хизмат қилади.
Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик суди
Матбуот маркази