uzbekcha
english
русский
Бош саҳифа Суд ҳақида Ҳуқуқий асослар





Hosting by UZINFOCOM

UzInfoCom

Тадбиркорлик субъектларини
Жамиятдаги муносабатларнинг шиддат билан ўзгариб бориши, унинг асосий тармоқларидан бири бўлмиш иқтисодий соҳани ҳам кенг кўламда қамраб олди. Хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини чуқур англаб етиши, иқтисодиёт ва ҳуқуқ соҳасида дунёқарашининг тубдан ўзгариши хўжалик судлари томонидан кўрилаётган ишларнинг кўлами ҳамда сони кун сайин ошиб боришига сабаб бўлмоқда. Бу эса ўз навбатида қонунчилигимизни ҳам давр талабига мослаштиришни, бошқача қилиб айтганда қонун нормаларини қайта кўриб чиқиб, уларни янада такомиллаштиришни тақозо этмоқда.
Шу боис, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан Германия техник ҳамкорлик маркази билан ҳамкорликда амалдаги Хўжалик процессуал кодексининг янги таҳрирдаги лойиҳаси ишлаб чиқилмоқда. Қонун лойиҳасини тайёрлашда Ўзбекистон Республикаси Конституцияси ва қонунларига, шунингдек Ўзбекистон Республикаси халқаро шартномаларининг принциплари ва нормаларига қатъий амал қилинган ҳолда, бир қатор давлатларнинг процессуал  қонун ҳужжатлари ўрганилмоқда.
Қонун лойиҳаси бир қатор прогрессив янгиликлар билан тўлдирилмоқда. Жумладан, амалдаги кодекснинг Судга тааллуқли ишлар ва судловга тегишлилик ҳақидаги бобига Хўжалик судларининг ваколатлари деб ном берилмоқда ҳамда судга тааллуқлилик ва судловга тегишлилик тушунчаларининг ҳар бири алоҳида институт бўлганлиги сабабли, ушбу тушунчалар иккита алоҳида параграфга ажратилмоқда.
    Амалдаги кодекснинг 24-моддасида хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар санаб ўтилган. Қонун лойиҳасида эса хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган ҳамда маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар сифатида иккита алоҳида тоифага бўлинмоқда.
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низолардан бири шаън ва қадр-қимматни ҳимоя қилиш тўғрисидаги ишлар хўжалик судига тааллуқли эмаслиги, аниқроғи шаън ва қадр-қиммат жисмоний шахсларга нисбатан қўлланилиши боис чиқарилмоқда.
  Маъмурий ва бошқа оммавий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган хўжалик судларига таалуқли низолар лицензия беришни ёки лицензия муддатини узайтиришни рад қилиш ҳамда жавобгарни мулкни топшириш ва пул маблағларини ундириш билан боғлиқ бўлмаган муайян  ҳаракатларни амалга оширишга мажбурлаш тўғрисидаги хатбошилар билан тўлдирилмоқда.
Судловга тегишлиликниг умумий қоидаси сифатида даъво аризаларнинг жавобгар жойлашган жойдаги хўжалик судига эмас, балки уни рўйхатдан ўтказилган жойидаги хўжалик судига берилиши белгиланмоқда. Чунки, жавобгарнинг жойлашган жойи, аниқроғи манзили хусусан жавобгар хусусий фирма, якка тартибдаги тадбиркор ёки бошқа шаклдаги кичик бизнес субъекти бўлса, тез-тез ўзгариб туриши мумкин. Даъволарнинг жавобгарни рўйхатдан ўтказилган жойдаги хўжалик судига берилиши жавобгар ҳақида тўлиқ маълумот олишга ва ишни қисқа муддатларда кўриб чиқишга асос бўлиши назарда тутилди.    
Ишни бир хўжалик судидан бошқа хўжалик судига ўтказиш асосларига қўшимча киритилиб, муқаддам рўйхатдан ўтказилган жойи номаълум бўлган жавобгар, ишни кўришни у рўйхатдан ўтган жойдаги хўжалик судига топширишни сўраб хўжалик судига киритган илтимосномаси билан иш бошқа хўжалик судига ўтказиш учун асос ҳисобланиши белгиланмоқда. Ушбу мазмундаги асоснинг киритилиши жавобгарнинг ўз ҳуқуқларни ҳимоя қилиш усулларидан бири ҳисобланади.    
Кодекснинг “Ишда иштирок этувчи шахслар ҳамда хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилар” ҳақидаги боби “Хўжалик судининг иштирокчилари” деб номланмоқда ҳамда хўжалик процесси иштирокчилари ишда иштирок этувчи шахслар ва одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахсларга ажратилмоқда ҳамда уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари процессуал жиҳатдан батафсил ёритилмоқда.
Хўжалик процессида прокурорнинг иштироки ҳақидаги моддага Президентимизнинг Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенатининг      2005 йил 28 январдаги қўшма мажлисида суд-ҳуқуқ тизимини ислоҳ қилиш ва янада либераллаштириш борасида таъкидлаган фикрлари нуқтаи-назаридан келиб чиқиб сезиларли ўзгартиришлар киритилмоқда. Хусусан процессда прокурор ва адвокатнинг ҳуқуқларининг тенглигини таъминлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда.
Кодекснинг 43-моддасида прокурор ҳамма ишлар бўйича суд мажлисида иштирок этишга ҳақлилиги белгиланган. Фикримизча,  прокурорнинг барча суд мажлисларига киришга ҳақлилиги ҳақидаги нормани сақлаб қолиш мақсадга мувофиқ эмас. Айтайлик, иккита фирма ўртасида оддий шартномавий муносабатлардан келиб чиқадиган низолар судда кўрилаётганда прокурорнинг суд мажлисида иштирокига ҳожат йўқ деган хулосага келинди.
Шунингдек, қонунда назарда тутилган ёки суд ишда прокурор қатнашиши зарур деб топган ҳолларда ишни кўришда прокурор иштирок этиши шартлиги белгиланган бошқа қонунларга ҳавола қилинган норма бўлсада, прокурорнинг суд мажлисида иштирокини белгиловчи қонун мавжуд эмас. Мазкур муаммоларни бартараф этиш, шунингдек суд-ҳуқуқ тизимини либераллаштириш борасида олиб борилаётган ислоҳотларни процессуал қонунчиликни такомиллаштириш йўли билан давом эттириш мақсадида, қонун лойиҳасида прокурорнинг ишда иштирок этиши шарт бўлган ҳолатлари қатъий белгиланиб берилди. Унга кўра прокурор суд ишда прокурор қатнашиши зарур деб топган ҳолларда, прокурор аризаси билан қўзғатилган хўжалик ишларида, шунингдек маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни кўришда иштирок этиши шарт. Кодексда прокурорнинг хўжалик процессидаги роли ва иштирок этиш белгиланмаган. Қонун лойиҳасида мазкур бўшлиқни тўлдириш мақсадида прокурорнинг хўжалик процессидаги ваколатлари ҳақида алоҳида модда киритилмоқда.
Хўжалик судига мурожаат икки хил усулда яъни ариза ва даъво ариза шаклида амалга оширилади. Даъво аризаси билан мурожаат қилувчи даъвогарларнинг процессуал ҳаракатлари белгиланган бўлсада, аризачи ҳақида кодексда алоҳида норма йўқ. Қонун лойиҳасида айнан мана шу бўшлиқни тўлдиришга хизмат қиладиган алоҳида модда мавжуд.
Кодексдаги хўжалик судлов ишларини юритишнинг бошқа иштирокчилари моддасида эътироф этилган шахсларнинг суд ишлари юритишдаги вазифасидан келиб чиқиб, одил судловни амалга оширишга кўмаклашувчи шахслар деб номланмоқда ва бундай шахслар сифатида гувоҳ, эксперт, мутахассис ва таржимоннинг иштироки белгиланмоқда. Гарчи амалиётда ишларни кўриш жараёнида махсус билим талаб қилинадиган саволларга жавоб бериш мақсадида кўп ҳолларда мутахассис жалб қилинган бўлсада, кодексда мутахассис, унинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари белгиланмаган. Қонун лойиҳасида мазкур масалаларга аниқлик киритилган.
Кодексдаги гувоҳ, эксперт ва таржимоннинг процессуал мавқеини белгиловчи моддалар иккига ажратилиб, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари алоҳида моддага чиқарилди ва батафсил ёритилди. Шунингдек суд мажлиси котибининг процессуал мавқеи белгиланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2008 йил                    1 майдаги “Ўзбекистон Республикасида адвокатура институтини янада ислоҳ қилиш тўғрисида”ги Фармони талабидан келиб чиқиб, хўжалик процессида вакил сифатида юридик маълумотга эга шахслар иштироки этиши таклиф қилинмоқда. Чунки вакилнинг юридик маълумотга эга бўлиши хўжалик процесси иштирокчиларининг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳуқуқий жиҳатдан қонун йўли билан ифодаланилишини кафолатидир.      
Назарий жиҳатдан исботлаш тушунчасига хўжалик процесси субъекти бўлган тарафлар ва ишда иштирок этувчи бошқа шахсларнинг низони ҳал қилиш учун зарурий далилларни келтириш фаолияти сифатида таъриф берилади. Исботлаш ва далиллар тушунчаси бир-бири билан узвий боғлиқлиги боис қонун лойиҳасининг еттинчи боби Далиллар ва исботлаш деб номланди.
Далиллар тушунчаси ва уларнинг турлари ҳақидаги модда тўлдирилиб, мутахассисларнинг фикрлари ҳам далилларнинг бир тури сифатида кўрсатилди. Амалдаги Кодексда эса мутахассисларнинг фикрлари ҳақида сўз юритилмаган.
Кодексда суд томонидан далилларни талаб қилиб олиш суднинг сўровига асосан амалга оширилиши белгиланган. Қонун лойиҳасида эса суднинг бу борадаги процессуал ҳаракатлари аниқлаштирилиб, далилларни суднинг ажрими билан талаб қилиб олиниши белгиланмоқда. Шунингдек, бу тоифадаги ажримларга қўйиладиган талаблар белгиланди.
Далилларнинг дахлдорлиги ҳақидаги моддага қўшимча киритилиб, ишга дахлдор бўлмаган далиллар ҳам суд ҳужжатларига қўшиб қўйилиши ва суд томонидан баҳо берилиши кераклиги белгиланмоқда. Қонун лойиҳасида мавжуд чет тилларда ифодаланган далилларга нисбатан қўйиладиган талаблар ҳам амалдаги кодексда ўз аксини топмаган. Унга кўра чет тилларида ифодаланган ёзма ҳужжатлар судга далил сифатида тақдим этилса, уларнинг тегишли тартибда гувоҳлантирилган таржималари илова қилиниши лозим. Чет давлатлардан олинган ҳужжат қонун ҳужжатларда белгиланган тартибда легаллаштирилганидан кейин судда далил сифатида қабул қилиниши мумкин. Ўзбекистон Республикаси томонидан имзоланган халқаро шартномага мувофиқ ҳужжатлар судга тўғридан-тўғри далил сифатида қабул қилинади.  
Амалдаги кодексда хўжалик суди ишда иштирок этувчи шахснинг илтимосига кўра экспертиза тайинлаши мумкинлиги белгиланган. Қонун лойиҳасида қўшимча тариқасида зарур ҳолларда экспертиза суднинг ташаббуси билан тайинланиши мумкинлиги белгиланмоқда. Бу ўз навбатида ишнинг объектив ҳолатини аниқлашда, экспертиза хулосасининг қонунийлиги ва асослилигига баҳо бериш учун муҳим аҳамият касб этади.
Қонун лойиҳаси «Суд хабарномаси» деб номланган боб билан тўлдирилмоқда. Амалдаги кодексда хабарномалар ва чақирувлар бирта моддада ифодаланган ҳамда етралича ёритиб берилмаган. Ушбу ўриндаги хўжалик процесси иштирокчиларини тегишли тартибда хабардор қилиш деган ҳолат амалдаги қонунда етарлича тартибга солинмаган эди ва турли хил тарзда талқин этилаётган эди. Хўжалик процесси иштирокчиларини тегишли тартибда хабардор қилиш деган ҳолатга аниқлик киритиб берилди.
Суд ҳаражатларининг таркиби, уларнинг ўрнини тўлдириш тартиби алоҳида моддаларда берилди. Ундан ўрин олган давлат божи тўлови тартиби, ундан озод этиш асослари Солиқ кодекси орқали тартибга солинганлиги муносабати билан қонун лойиҳасидан чиқариб ташланмоқда.
Суд жарималари ҳақидаги бобга ҳам бир мунча ўзгартиришлар киритилди. Суд жарималарининг миқдори фуқарога солинганда энг кам иш ҳакининг 50 баробаридан, юридик шахсларга эса энг кам иш ҳакининг 200 баробаридан ортиқ бўлмаслиги ҳамда суд жарималарининг республика бюджетига ундирилиши белгиланмоқда.
                                                                            
  А.ДУСТБАБАЕВ
                                                                                
      Олий хўжалик судининг
                                                                                
        бўлим бошлиғи
16.12.2011 10:48
Untitled Document ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИ
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
30.06.2011 12:28
Untitled Document
Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
20.05.2011 12:52
Untitled Document Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
30.11.2010 17:12
Жорий йилнинг 30 ноябрь – 1 декабрь кунлари “TOSHKENT PALACE” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, БМТнинг наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамкорлигида БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси қоидалари ва БМТнинг стандартлари ҳамда нормаларига мувофиқ суд органлари ходимларининг профессионал этикаси, жавобгарлиги, шунингдек ҳалоллиги масалалари бўйича ташкил этилган халқаро тренинг (конференция) ўтказилди
19.11.2010 16:01
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.