Бажарилган ишлар сарҳисоби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг кенгайтирилган Раёсат йиғилиши бўлиб ўтди.
Унда Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2010 йил 27 январдаги Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ва Сенатининг қўшма мажлисидаги “Мамлакатимизни модернизация қилиш ва кучли фуқаролик жамияти барпо этиш – устувор мақсадимиздир” номли маърузаси ҳамда 2009 йилнинг асосий якунлари ва 2010 йилда Ўзбекистонни ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришнинг энг муҳим устувор йўналишларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги “Асосий вазифамиз – ватанимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтиришдир” номли маърузаларидан хўжалик судлари учун келиб чиқадиган вазифалар ҳамда уларнинг ижросини таъминлашга қаратилган масалалар атрофлича муҳокама қилинди.
Шунингдек, Раёсат йиғилишида республика хўжалик судлари томонидан 2009 йил давомида бажарилган ишлар сарҳисоб қилинди ҳамда 2010 йилда амалга оширилиши лозим бўлган вазифалар белгилаб олинди.
Хўжалик судларининг 2009 йилдаги фаолияти одил судловни амалга ошириш, Ўзбекистон Республикаси Президенти И.Каримовнинг 2008 йилда республикани ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш якунлари ва 2009 йилда иқтисодиётни барқарор ривожлантиришнинг энг муҳим устувор вазифаларига бағишланган Вазирлар Маҳкамасининг мажлисидаги маърузасидан келиб чиққан вазифаларни бажаришга, хўжалик муносабатларида қонунчиликни мустаҳкамлашга, тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, уларнинг фаолиятига тўсиқ бўлаётган ҳолатларни бартараф этиш билан боғлиқ низоларни ҳал этишга қаратилган.
Ҳисобот даврида хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорлардан хўжалик судларига келиб тушган даъво ариза(ариза)лари сони 265 минг 288 тани ташкил этган. Суд қарорлари асосида даъвогарлар фойдасига ундирилган қарз ва етказилган моддий зарарлар миқдори эса 4,42 трлн. сўмни ташкил этиб, бу 2008 йилга нисбатан 1,3 трлн. сўмга ошган.
Давлат божи ва суд жарималари ҳисобидан 55,7 млрд. сўмлик (2008 йил 26,9 млрд. сўмлик) пул маблағларини республика бюджетига ундириш ҳақида қарорлар қабул қилинган.
Суд таъсирчанлигини таъминлаш борасида хўжалик судлари томонидан ишларни кўриш жараёнида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан жами 23552 та суд таъсир чоралари қўлланилган.
Давлат бошқаруви, назорат қилувчи ва маҳаллий ҳокимият идораларининг тадбиркорлик субъектларига нисбатан чиқарилган қонунга зид бўлган 388 та ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб топилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2005 йил 14 июндаги “Тадбиркорлик субъектларини ҳуқуқий ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-3619-сонли Фармонига асосан тадбиркорлик субъектларига нисбатан ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашга доир 12821 та, шу жумладан 863,2 млрд. сўмлик молиявий санкцияларни қўллаш ҳақидаги 4561 та аризалар кўриб чиқилган. Шулардан 2719 таси, шу жумладан 204,6 млрд. сўмлик молиявий санкцияларни қўллаш ҳақидаги 1314 та ариза асоссиз бўлганлиги, қонунда белгиланган тартибда расмийлаштирилмаганлиги ва бошқа сабабларга кўра қаноатлантирилмасдан қолдирилиб, тадбиркорларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинган.
Халқ хўжалигида ҳисоб-китобларни тартибга солишни таъминлаш мақсадида 58937 та корхона ва ташкилотларнинг 531,2 млрд. сўмлик дебиторлик қарзларини, жумладан, хўжалик юритувчи субъектлар томонидан электр энергияси истеъмоли учун ўз вақтида ҳақ тўламаслик юзасидан 18946 та иш бўйича 114,73 млрд. сўм, газ истеъмоли учун 1229 та иш бўйича 50,87 млрд. сўм ундириш ҳақида суд буйруқлари ва қарорлари чиқарилган.
Йиғилишда хўжалик судлари томонидан одил судловни амалга оширишни таъминлаш, судда ишларни ташкил этиш борасида кузатилаётган айрим камчиликларни бартараф этиш юзасидан зарур чора-тадбирлар ҳамда келгусидаги вазифалар белгилаб олинди.
Олий хўжалик суди
Матбуот маркази