ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ҚОНУНИ
02.09.1993 й.
N 924-XII
СУДЛАР ТЎҒРИСИДА
(ЯНГИ ТАҲРИРИ)
Мазкур Қонуннинг янги тахрири
ЎзР 14.12.2000 й. 162-II-сон Қонуни билан тасдиқланган
Мазкур Қонунга қуйидагиларга мувофиқ ўзгартиришлар киритилган
ЎзР. 07.12.2001й. 320-II-сон Қонуни,
ЎзР 12.12.2003 й. 568-II-сон Қонуни,
ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни,
ЎзР 11.07.2007 й. ЎРҚ-100-сон Қонуни,
ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни
I бўлим. Умумий қоидалар (1-12 моддалар)
II бўлим. Умумий юрисдикция судлари (1-4 боблар. 13-42 моддалар)
III бўлим. Ўзбекистон Республикасининг хўжалик судлари (5-6 боблар. 43-59 моддалар)
IV бўлим. Судъялар мақоми (7-9 боблар. 60-76 моддалар)
V бўлим. Якунловчи қоидалар (77-85 моддалар)
I БЎЛИМ. УМУМИЙ ҚОИДАЛАР
1-модда. Суд тизими
2-модда. Суднинг вазифалари
3-модда. Одил судловнинг амалга оширилиши
4-модда. Суд хокимиятининг мустақиллиги
5-модда. Суд хужжатларининг мажбурийлиги
6-модда. Қонун ва суд олдидаги тенглик
7-модда. Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги
8-модда. Суд ишлари юритиладиган тил
9-модда. Суд химоясида бўлиш хуқуқи
10-модда. Суд хуқуқини таъминлаш. Айбсизлик презумпцияси
11-модда. Судларнинг фаолиятини ташкилий ва моддий-техника жихатидан таъминлаш
12-модда. Қонунчилик ташаббуси
1-модда. Суд тизими
Ўзбекистон Республикасида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича олий судлари, фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича вилоят ва Тошкент шаҳар судлари, фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судлари, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари фаолият кўрсатадилар.
Ўзбекистон Республикасида ишларнинг тоифаларига қараб судларнинг ихтисослашуви амалга оширилиши мумкин.
Фавқулодда судлар тузишга йўл қўйилмайди.
Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судини ташкил этиш ва унинг фаолият тартиби алоҳида қонун билан белгиланади.
2-модда. Суднинг вазифалари
Ўзбекистон Республикасида суд Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва бошқа қонунларида, инсон ҳуқуқлари тўғрисидаги халқаро ҳужжатларда эълон қилинган фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини суд йўли билан ҳимоя қилишга даъват этилган.
Суднинг фаолияти қонун устуворлигини, ижтимоий адолатни, фуқаролар тинчлиги ва тотувлигини таъминлашга қаратилгандир.
3-модда. Одил судловнинг амалга оширилиши
Ўзбекистон Республикасида одил судлов фақат суд томонидан амалга оширилади.
4-модда. Суд ҳокимиятининг мустақиллиги
Судьялар мустақилдирлар, фақат қонунга бўйсунадилар. Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига бирон-бир тарзда аралашишга йўл қўйилмайди ва бундай аралашув қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлади.
Ўзбекистон Республикасида суд ҳокимияти қонун чиқарувчи ва ижро этувчи ҳокимиятлардан, сиёсий партиялардан, бошқа жамоат бирлашмаларидан мустақил ҳолда иш юритади.
5-модда. Суд ҳужжатларининг мажбурийлиги
Суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурийдир ҳамда Ўзбекистон Республикасининг бутун ҳудудида ижро этилиши шарт.
6-модда. Қонун ва суд олдидаги тенглик
Ўзбекистон Республикасининг барча фуқаролари жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеидан қатъи назар қонун ва суд олдида тенгдир. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам қонун ва суд олдида тенгдир.
7-модда. Суд ишларини юритишнинг ошкоралиги
Ҳамма судларда ишлар очиқ кўрилади. Ишларни ёпиқ мажлисда кўриб чиқишга фақат қонунда белгиланган ҳолларда йўл қўйилади.
8-модда. Суд ишлари юритиладиган тил
Ўзбекистон Республикасида суд ишларини юритиш ўзбек тилида, қорақалпоқ тилида ёки муайян жойдаги кўпчилик аҳоли сўзлашадиган тилда олиб борилади.
Суд ишлари олиб борилаётган тилни билмайдиган судда қатнашувчи шахсларнинг таржимон орқали иш материаллари билан тўла танишиш ва суд ишларида иштирок этиш ҳуқуқи ҳамда судда она тилида сўзлаш ҳуқуқи таъминланади.
9-модда. Суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқи
Ўзбекистон Республикаси фуқаролари, чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслар давлат органлари ва бошқа органларнинг, мансабдор шахсларнинг ҳар қандай ғайриқонуний хатти-ҳаракатларидан (қарорларидан), шунингдек ҳаёти ва соғлиғи, шаъни ва қадр-қиммати, шахсий эркинлиги ва мол-мулки, бошқа ҳуқуқ ва эркинликларига тажовузлардан суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эга. Корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар ҳам суд ҳимоясида бўлиш ҳуқуқига эгадир.
Фуқароларнинг, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонуний манфаатлари суд йўли билан самарали ҳимоя қилинишини таъминлаш мақсадида суд муҳокамасининг барча босқичларида ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги масалалар судлар томонидан кўрилаётганда прокурор иштирок этади.
10-модда. Ҳимоя ҳуқуқини таъминлаш. Айбсизлик презумпцияси
Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи ҳимояланиш ҳуқуқи билан таъминланади. Суд ишларини юритишнинг ҳар қандай босқичида малакали юридик ёрдам олиш ҳуқуқи кафолатланади. (ЎзР 11.07.2007 й. ЎРҚ-100-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Айбланувчи, унинг айби қонунда назарда тутилган тартибда исботланмагунга ва суднинг қонуний кучга кирган ҳукми билан аниқланмагунга қадар, айбсиз ҳисобланади.
Ҳеч ким суд қарорига асосланмаган ҳолда қамоққа олиниши мумкин эмас. (ЎзР 11.07.2007 й. ЎРҚ-100-сон Қонуни тахриридаги қисм)
ЎзР 11.07.2007 й. ЎРҚ-100-сон Қонунига мувофиқ учинчи қисми тўртинчи қисм деб ҳисоблансин
Ҳеч ким қийноққа солиниши, зўравонликка, шафқатсиз ёки инсон қадр-қимматини камситувчи бошқа тарздаги тазйиққа дучор этилиши мумкин эмас.
11-модда. Судларнинг фаолиятини ташкилий ва
моддий-техника жиҳатидан таъминлаш
Умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судлари фаолиятини ташкилий жиҳатдан таъминлаш судьяларнинг мустақиллиги ва уларнинг фақат қонунга бўйсуниши принципларига қатъий риоя қилинган ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси томонидан амалга оширилади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссияси ваколатлари ҳамда унинг фаолиятини ташкил этиш тартиби мазкур комиссиянинг Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланадиган низоми билан белгиланади.
Умумий юрисдикция судларининг фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан амалга оширилади. Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган тўғрисидаги низом Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган:
умумий юрисдикция судларини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш, уларнинг фаолияти учун зарур шароитлар яратиш ишларини ташкил қилади;
суд қарорларини ижро этиш ишларини ташкил қилади.
Хўжалик судлари фаолиятини моддий-техника ва молиявий жиҳатдан таъминлаш Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди томонидан амалга оширилади. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги модда матни), (Олдинги тахририга қаранг)
12-модда. Қонунчилик ташаббуси
Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқига эга. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни тахриридаги модда матни)
II БЎЛИМ. УМУМИЙ ЮРИСДИКЦИЯ СУДЛАРИ
1 боб. Ўзбекистон Республикаси Олий суди (13-28 моддалар)
2 боб. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди (29-35 моддалар)
3 боб. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шахар) суди. Жиноят ишлари бўйича туман (шахар) суди (36-38 моддалар)
4 боб. Харбий судлар (39-42 моддалар)
1-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари
14-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркиби
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми
16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумини чақириш тартиби
17-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ваколатлари
18-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан суд ишларини кўриш тартиби
19-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори
20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси
21-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан муайян суд ишларини хал этиш билан боғлиқ бўлмаган масалаларни кўриш
22-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби
23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркиби
24-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг ваколатлари
25-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов хайъатлари
26-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси
27-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари
28-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов хайъатларининг раислари
13-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фуқаролик, жиноий ва маъмурий суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоят, шаҳар, туманлараро, туман судлари ва ҳарбий судларнинг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида ва назорат тартибида кўради. У ўзи биринчи инстанция сифатида кўрган ишларни апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра апелляция ёки кассация тартибида кўриши мумкин. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар томонидан бажарилиши устидан назоратни амалга оширади;
суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади;
судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади. (ЎзР. 07.12.2001й. 320-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
14-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди таркиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раис, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари, судлов ҳайъатлари раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда иш олиб боради:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати;
Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати;
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати;
Ҳарбий ҳайъат.
15-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми энг юқори судлов инстанцияси бўлиб, Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари ва Қорақалпоғистон Республикаси олий судларининг раисларидан иборат таркибда иш олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси, адлия вазири, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.
16-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленумини чақириш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми тўрт ойда камида бир марта чақирилади. Муҳокама қилинадиган умумий масалаларга доир ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.
17-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленумининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми Пленум аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми:
ишларни назорат тартибида кўради;
суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркиби ва раисларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек судлов ҳайъатларининг фаолияти ҳақидаги маърузаларни тинглайди;
Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришларини бажариш тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсати регламентини тасдиқлайди;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
18-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленуми томонидан суд ишларини кўриш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ишни назорат тартибида кўриш чоғида Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьясининг иш ҳолатлари ва протест важлари ҳақидаги маърузасини тинглайди. Сўнгра Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорининг, шунингдек, башарти тарафлар иштирок этаётган бўлса, уларнинг фикрлари тингланади. Протестни муҳокама қилиш ва овоз бериш чоғида мажлислар залида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларидан ташқари бошқа шахсларнинг бўлишига йўл қўйилмайди. Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг аъзолари овоз беришда бетараф қолишга ҳақли эмас. Раислик қилувчи охирги бўлиб овоз беради.
Протест юзасидан қарор, агар уни ёқлаб Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилиги овоз берган бўлса, қабул қилинган ҳисобланади. Ишни кўришда илгари қатнашган судья овоз беришда иштирок этишга ҳақли эмас.
Кўпчиликнинг овозини олмаган протест рад қилинган ҳисобланади. Шундан сўнг бошқа таклифлар тушиш навбатига қараб овозга қўйилади.
Қабул қилинган қарор билан рози бўлмаган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоси ўз фикрини ёзма равишда баён этишга ҳақли бўлиб, бу фикр Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомасига илова қилинади.
19-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленумининг қарори
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг муайян суд ишлари бўйича қарори қабул қилинган пайтдан бошлаб қонуний кучга киради ва қонунда назарда тутилган тартибда ижро этилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.
20-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленуми мажлисининг баённомаси
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисларида баённома юритилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисининг баённомаси Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.
21-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленуми томонидан муайян суд ишларини ҳал этиш
билан боғлиқ бўлмаган масалаларни кўриш
Муайян суд ишларини ҳал этиш билан боғлиқ бўлмаган, Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми муҳокамасига киритилган масалалар тегишинча уларнинг маърузалари ёки улар ваколат берган шахсларнинг маърузалари бўйича тингланади. Ушбу масалаларнинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.
Қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари судлар, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.
22-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Пленумининг котиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг котиби Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяси вазифасини бажариш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг мажлисини тайёрлашга, мажлис баённомасини юритишга доир ишларни ташкилий жиҳатдан таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми қабул қилган қарорларнинг ижроси учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади.
23-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Раёсатининг таркиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьяларидан Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан белгиланадиган миқдорда тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати таркибига лавозим бўйича кирадилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг мажлислари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатининг қарорлари ушбу Қонуннинг 18-моддасида белгиланган тартибда қабул қилинади ва раислик қилувчи томонидан имзоланади.
24-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
Раёсатининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати:
ишларни назорат тартибида кўради;
суд амалиётини умумлаштириш натижаларини кўриб чиқади;
Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судлари, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди раисларининг шу судлар фаолияти тўғрисидаги ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатлари ва аппаратининг ишини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқади;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
25-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг
судлов ҳайъатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг судлов ҳайъатлари:
ишларни биринчи инстанцияда, апелляция, кассация тартибида ва назорат тартибида кўради;
суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;
қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
суд статистикасини таҳлил қилади;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
26-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди фаолиятига ташкилий жиҳатдан раҳбарлик қилади;
судларнинг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари устидан протест киритади;
суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;
судлар томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорлари, ҳукмлар, ажримлар ва қарорлар ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатини чақиради ҳамда уларнинг мажлисларида раислик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми ва Раёсатининг умумий масалалар бўйича қабул қилган қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишини ташкил этади;
ишни бир суддан бошқа судга олиб бериш масаласини ҳал қилади;
Пленум ва Раёсат муҳокамасига қонунга биноан уларнинг ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг тушунтиришлари қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади;
қонунларни шарҳлаб беришни талаб этувчи масалалар юзасидан ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмаслиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдимномалар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсати таркиби, судлов ҳайъатларининг ҳамда Умумий юрисдикция судлари судьяларининг олий малака ҳайъати таркиби ва раислари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига тақдимномалар киритади;
Ўзбекистон Республикаси судлари судьяларининг интизомий жавобгарлиги ҳақида иш қўзғатади;
раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг штат жадвалини тасдиқлайди;
буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;
фуқароларни шахсан қабул қилади ҳамда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишларини ташкил этади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
27-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумидан ташқари барча инстанция судларининг ҳал қилув қарорлари, ҳукмлари, ажримлари ва қарорлари устидан протест киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди тегишли судлов ҳайъатларининг ташкилий ишига раҳбарлик қилади;
судлов ҳайъатларининг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумига маърузаларни тақдим этади;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг мажлисларида раислик қилиши мумкин;
суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;
суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш бўйича ишни ташкил этади;
судлар томонидан чиқарилган, ўзлари протест киритишга ҳақли бўлган ҳал қилув қарорлари, ҳукмлар, ажримлар ва қарорлар ижросини тўхтатиб туради;
судьялар ва суднинг бошқа ходимлари малакасини ошириш ишини ташкил этади;
вазифалар тақсимотига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий судининг таркибий бўлинмалари ишига раҳбарлик қилади;
фуқароларни шахсан қабул қилади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси йўқлигида унинг ваколатларини раиснинг биринчи ўринбосари, биринчи ўринбосар ҳам йўқлигида эса раис ўринбосарларидан бири амалга оширади.
28-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди
судлов ҳайъатларининг раислари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судлов ҳайъатларининг раислари:
судлов ҳайъатлари ишини ташкил этади ва уларнинг мажлисларида раислик қилади;
судлов ҳайъатларининг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий суди Раёсатига маърузаларни тақдим этадилар;
суд амалиётини умумлаштириш учун суд ишларини талаб қилиб олади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
2-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ СУДИ,
ВИЛОЯТ СУДИ, ТОШКЕНТ ШАҲАР СУДИ
29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди таркиби
30-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди ваколатлари
31-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди раёсати
32-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди раёсати ваколатлари
33-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар судининг судлов хайъатлари
34-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди раиси
35-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шахар суди раисининг ўринбосари
29-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар суди таркиби
Қорақалпоғистон Республикаси жиноят ишлари бўйича Олий суди, жиноят ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари раис, раис ўринбосари, судьялар, халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади ва суд раёсати ҳамда судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси фуқаролик ишлари бўйича Олий суди, фуқаролик ишлари бўйича вилоят, Тошкент шаҳар судлари раис, раис ўринбосари, судьялардан иборат бўлади ва суд раёсати ҳамда судлов ҳайъатлари таркибида иш олиб боради.
30-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар суди ваколатлари
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди:
ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанция суди сифатида, апелляция, кассация тартибида ва назорат тартибида кўради;
туманлараро, туман (шаҳар) судларининг суд фаолияти устидан назорат олиб боради, суд амалиётини умумлаштиради;
суд амалиёти ва суд статистикасининг тизимли таҳлилини амалга оширади; (ЎзР. 07.12.2001 й. 320-II-сон Қонуни тахриридаги хат боши)
судларнинг кадрлари малакаси оширилишини ташкил қилади; (ЎзР. 07.12.2001 й. 320-II-сон Қонуни тахриридаги хат боши)
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
31-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати шу суднинг судьяларидан иборат таркибда иш олиб боради.
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати мажлислари ҳар ойда камида икки марта ўтказилади ва Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
Муайян ишлар юзасидан Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати қарорлари овоз беришда қатнашган Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати аъзоларининг кўпчилик овози билан ушбу Қонуннинг 18-моддасида белгиланган тартибда қабул қилинади ва тегишли суд раиси томонидан имзоланади.
32-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати ваколатлари
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раёсати:
ўз ваколатлари доирасида ишларни назорат тартибида кўради;
суд амалиётини умумлаштириш натижаларини кўриб чиқади;
ҳайъатлар фаолияти тўғрисидаги маърузаларни, туманлараро, туман (шаҳар) судлари раисларининг шу судлар фаолияти тўғрисидаги ва қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
33-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар судининг судлов ҳайъатлари:
ўз ваколатлари доирасида ишларни биринчи инстанцияда кўради;
апелляция ёки кассация тартибида шикоят бериш (протест билдириш) ҳуқуқига эга бўлган шахсларнинг хоҳишига кўра, ишларни апелляция ёки кассация тартибида кўради. Апелляция тартибида кўрилган иш кассация тартибида кўрилмаслиги керак;
суд амалиётини умумлаштиради;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
34-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раиси
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раиси:
суд фаолиятига ташкилий жиҳатдан раҳбарлик қилади;
суд ишлари бўйича чиқарилган ҳал қилув қарорлари, ҳукмлар, ажримлар ва қарорлар устидан қонунда белгиланган доирада ва тартибда протест киритади;
суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;
суд раёсатини чақиради ва унинг мажлисларида раислик қилади;
суд раёсатининг қарорлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишини ташкил этади;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоят, Тошкент шаҳар судлари судьяларининг интизомий жавобгарлиги ҳақида иш қўзғатади;
судьялар, суднинг бошқа ходимлари ҳамда халқ маслаҳатчилари малакасини ошириш ишини ташкил этади;
суд амалиётини умумлаштириш ва суд статистикасини юритиш ишини ташкил этади;
фуқароларни шахсан қабул қилади, уларни қабул қилиш, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишини ташкил этади;
судьяларнинг малака ҳайъати қарорлари устидан Умумий юрисдикция судлари судьяларининг олий малака ҳайъатига тақдимномалар киритади;
суд идораси ишларига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
35-модда. Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди,
вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди раисининг ўринбосари:
судлов ҳайъатларининг ишини ташкил этади;
судлов ҳайъати мажлисларида раислик қилиши мумкин;
суд раёсатига судлов ҳайъатларининг фаолияти тўғрисида маърузалар тақдим этади;
фуқароларни шахсан қабул қилади;
суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини амалга оширади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят, Тошкент шаҳар судлари раисининг ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари Умумий юрисдикция судлари судьяларининг олий малака ҳайъати қарори билан судьялардан бири зиммасига юклатилиши мумкин. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги қисм)
3-БОБ. ФУҚАРОЛИК ИШЛАРИ БЎЙИЧА ТУМАНЛАРАРО,
ТУМАН (ШАҲАР) СУДИ. ЖИНОЯТ ИШЛАРИ
БЎЙИЧА ТУМАН (ШАҲАР) СУДИ
36-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шахар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шахар) судининг таркиби
37-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шахар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шахар) судининг ваколатлари
38-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шахар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шахар) судининг раиси
36-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,
туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича
туман (шаҳар) судининг таркиби
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди раис ва судьялардан иборат бўлади.
Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди раис, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди таркибида маъмурий ишлар бўйича судьялар бўлади.
37-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,
туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича
туман (шаҳар) судининг ваколатлари
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) суди қонун билан ўз ваколатлари доирасига берилган фуқаролик ишларини кўради.
Жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) суди қонун билан унинг ваколатлари доирасига берилган жиноят ишларини ҳамда маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни, шунингдек қамоққа олиш тарзидаги эҳтиёт чорасини қўллаш ёки қамоқда сақлаш муддатини узайтириш тўғрисидаги илтимосномаларни кўриб чиқади. (ЎзР 11.07.2007 й. ЎРҚ-100-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
38-модда. Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро,
туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича
туман (шаҳар) судининг раиси
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг раиси:
суд мажлисларида раислик қилади, судьялар ўртасида ишларни тақсимлайди;
суд амалиётини умумлаштириш ва суд статистикасини юритиш ишларига раҳбарлик қилади, қонун бузилишини, ҳуқуқбузарликлар содир этилишига олиб келган сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари, жамоат бирлашмалари ва мансабдор шахсларга тақдимномалар киритади;
суд ходимлари ва халқ маслаҳатчилари малакасини ошириш ишини ташкил этади;
фуқароларни шахсан қабул қилади, уларни қабул қилиш, ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишини ташкил этади;
суд идораси ишига раҳбарлик қилади, суд ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Фуқаролик ишлари бўйича туманлараро, туман (шаҳар) судининг, жиноят ишлари бўйича туман (шаҳар) судининг раиси йўқлигида унинг ваколатлари судьяларнинг тегишли малака ҳайъатининг қарори билан судьялардан бири зиммасига юклатилиши мумкин.
4-БОБ. ҲАРБИЙ СУДЛАР
39-модда. Харбий судлар тизими
40-модда. Харбий судлар таркиби
41-модда. Харбий судлар судловига тааллуқли ишлар
42-модда. Харбий судлар фаолиятини ташкил этиш
39-модда. Ҳарбий судлар тизими
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари тизими Ўзбекистон Республикаси Олий суди Ҳарбий ҳайъати, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди, округ ва ҳудудий ҳарбий судлардан иборат.
40-модда. Ҳарбий судлар таркиби
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг Ҳарбий ҳайъати лавозим бўйича Ҳарбий ҳайъат раиси ҳисобланадиган Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг ўринбосаридан, Ҳарбий ҳайъат раисининг ўринбосари ва судьялардан иборат бўлади. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди вилоят суди ҳуқуқида иш олиб боради ҳамда раис, раис ўринбосари, судьялар ва халқ маслаҳатчиларидан иборат бўлади.
Округ ва ҳудудий ҳарбий судлар туман суди ҳуқуқида иш олиб борадилар ва раис, судьялар, халқ маслаҳатчиларидан, зарурат бўлганда эса раис ўринбосаридан ҳам иборат бўлади.
41-модда. Ҳарбий судлар судловига тааллуқли ишлар
Ўзбекистон Республикаси ҳарбий судлари:
Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлигининг, Давлат чегараларини ҳимоя қилувчи қўмитанинг, Миллий хавфсизлик хизматининг, Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг, Ички ишлар вазирлиги қўшинларининг ва қонун ҳужжатларига мувофиқ ташкил этиладиган бошқа ҳарбий тузилмаларнинг ҳарбий хизматчилари, шунингдек ўқув йиғинларида бўлган вақтда ҳарбий хизматга мажбурлар томонидан содир этилган жиноятлар тўғрисидаги ишларни;
ҳарбий қисмлар, қўшилмалар ва бирлашмалар, ҳарбий бошқарув органларининг қўмондонлигига нисбатан ҳарбий хизматчиларнинг даъволари бўйича фуқаролик ишларини ва ҳарбий бошқарув органлари ҳамда ҳарбий мансабдор шахсларнинг ҳарбий хизматчиларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини бузувчи хатти-ҳаракатлари (қарорлари) устидан шикоятларни;
алоҳида ҳолатларга кўра умумий юрисдикция судлари фаолият кўрсатмаётган жойларда барча фуқаролик ва жиноят ишларини;
давлат сирларига тааллуқли ишларни;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ишларни кўради.
42-модда. Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш
Ҳарбий судлар фаолиятини ташкил этиш қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
III БЎЛИМ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИНИНГ
ХЎЖАЛИК СУДЛАРИ
5 боб. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди (43-55 моддалар)
6 боб. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шахар хўжалик судлари (56-59 моддалар)
5-БОБ. ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ
ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ
43-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг ваколатлари
44-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг таркиби
45-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг Пленуми
46-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумини чақириш тартиби
47-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг ваколатлари
48-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми томонидан масалаларни кўриб чиқиш
49-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг котиби
50-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг таркиби
51-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг ваколатлари
52-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг судлов хайъатлари
53-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси
54-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари
55-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов хайъатларининг раислари
43-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик
судининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди хўжалик суд ишларини юритиш соҳасида суд ҳокимиятининг олий органидир.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судлов фаолияти устидан назорат олиб бориш ҳуқуқига эга.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ишларни биринчи инстанция суди сифатида, кассация тартибида ва назорат тартибида кўради.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг тушунтиришлари хўжалик судлари томонидан бажарилишини назорат қилади, қуйи хўжалик судлари фаолиятини текширади, хўжалик судларининг ишини ташкил этиш ижобий тажрибасини ўрганади, умумлаштиради ва оммалаштиради.
44-модда. Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик судининг таркиби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раис, унинг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари, судлов ҳайъатларининг раислари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяларидан иборат бўлиб, қуйидаги таркибда иш олиб боради:
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсати;
Фуқаролик ҳуқуқий муносабатларидан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати;
Маъмурий ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларни ҳал этиш бўйича судлов ҳайъати.
45-модда. Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик судининг Пленуми
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьялари ва Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди раисидан иборат таркибда иш олиб боради.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори қатнашади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди раиси, Олий суди раиси, адлия вазири, судьялар, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши аъзолари иштирок этиши мумкин.
46-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Пленумини чақириш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми бир йилда камида икки марта чақирилади. Муҳокама қилинадиган умумий масалаларга доир ҳужжатлар лойиҳалари Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг аъзоларига, Ўзбекистон Республикаси Бош прокурорига мажлисдан йигирма кун илгари юборилади.
47-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Пленумининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми аъзоларининг камида учдан икки қисми ҳозир бўлган тақдирда Пленум ваколатли ҳисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми:
суд амалиётини умумлаштириш материалларини кўриб чиқади ва қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлар беради;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг тақдимномаларига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг таркибини, судлов ҳайъатларининг таркибини ва раисларини, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг котибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг иши тўғрисидаги ахборотни, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатлари фаолияти ҳақидаги маърузаларни тинглайди;
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш амалиёти тўғрисидаги, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришларини бажариш тўғрисидаги маърузаларни тинглайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши таркибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди матбуот органининг таҳрир ҳайъати таркибини тасдиқлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати регламентини тасдиқлайди;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
48-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Пленуми томонидан масалаларни кўриб чиқиш
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси ёки Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми муҳокамасига киритилган масалалар тегишинча уларнинг маърузаси ёки улар ваколат берган шахсларнинг маърузалари бўйича тингланади. Мазкур масалаларнинг муҳокамасида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми мажлисига таклиф қилинган шахслар иштирок этиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг қарори мажлисда иштирок этаётган Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми аъзоларининг кўпчилик овози билан очиқ овоз бериш орқали қабул қилинади ва қабул қилинган пайтдан бошлаб кучга киради.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми мажлисларида баённома юритилади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қарори ва баённома Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг котиби томонидан имзоланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг қонун ҳужжатларини қўллаш масалалари бўйича тушунтиришлари хўжалик судлари, ушбу тушунтиришлар берилган қонун ҳужжатларини қўллаётган бошқа органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар учун мажбурийдир.
49-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Пленумининг котиби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг котиби Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяси вазифасини бажариш билан бирга Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг мажлисини тайёрлашга, мажлис баённомасини юритишга доир ишни ташкилий жиҳатдан таъминлайди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми қабул қилган қарорларнинг ижроси учун зарур бўлган ҳаракатларни амалга оширади.
50-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Раёсатининг таркиби
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсати Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судьяларидан Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми белгилайдиган миқдорда тузилади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси, унинг биринчи ўринбосари ва ўринбосарлари Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг таркибига лавозим бўйича кирадилар.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг мажлислари ҳар ойда камида бир марта ўтказилади ва Раёсат аъзоларининг кўпчилиги ҳозир бўлган тақдирда ваколатли ҳисобланади.
51-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди
Раёсатининг ваколатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсати:
ишларни назорат тартибида кўради;
суд амалиётини умумлаштириш натижаларини кўриб чиқади;
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари раисларининг қонун ҳужжатларини қўллаш тўғрисидаги маърузаларини тинглайди;
хўжалик судлари, Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг судлов ҳайъатлари ва аппарати ишини ташкил этиш масалаларини кўриб чиқади;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг мажлисида баённома юритилади. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатининг қарори ва баённома раислик қилувчи томонидан имзоланади.
52-модда. Ўзбекистон Республикаси
Олий хўжалик судининг судлов ҳайъатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг судлов ҳайъатлари:
ишларни биринчи инстанцияда ва кассация тартибида кўради;
суд амалиётини ўрганади ва умумлаштиради;
қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан таклифлар ишлаб чиқади;
суд статистикасини таҳлил қилади;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
53-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси:
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди фаолиятига ташкилий жиҳатдан раҳбарлик қилади;
хўжалик судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан протест киритади;
суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;
хўжалик судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорлар ижросини қонунда назарда тутилган тартибда тўхтатиб туради;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг тушунтиришлари бажарилиши устидан назоратни амалга ошириш ишини ташкил этади;
ишни бир хўжалик судидан бошқа хўжалик судига олиб бериш масаласини ҳал қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсатини чақиради ҳамда уларнинг мажлисларида раислик қилади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми ва Раёсати муҳокамасига қонунга биноан уларнинг ваколатига тааллуқли бўлган масалаларни киритади;
зарур ҳолларда бир ҳайъат таркибига кирувчи судьяларни бошқа ҳайъат таркибида иш кўришга жалб этади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг тушунтиришлари қонун ҳужжатларига мувофиқ эмаслиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумига тақдимномалар киритади;
қонунларни шарҳлаб беришни талаб этувчи масалалар юзасидан ва норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига мувофиқ эмаслиги ҳақида Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судига тақдимномалар киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсати таркиби, судлов ҳайъатларининг таркиби ва раислари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумига тақдимномалар киритади; (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги хат боши)
Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати таркиби ва раиси тўғрисида Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари судьяларининг конференциясига тақдимномалар киритади; (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги хат боши), (Олдинги тахририга қаранг)
Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари судьяларининг интизомий жавобгарлиги ҳақида иш қўзғатади;
раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ходимлари билан меҳнат шартномаларини тузади ва бекор қилади;
буйруқлар ва фармойишлар чиқаради;
фуқароларни, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ҳамда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишини ташкил этади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
54-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик
суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раисининг биринчи ўринбосари, ўринбосарлари:
хўжалик судларининг ҳал қилув қарорлари, ажримлари ва қарорлари устидан протест киритади;
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди тегишли судлов ҳайъатларининг ташкилий ишига раҳбарлик қилади;
суд ишларини назорат тартибида текшириш учун талаб қилиб олади;
суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш ишини ташкил этади;
хўжалик судлари томонидан чиқарилган ҳал қилув қарорлари, ажримлар ва қарорлар ижросини қонунда белгиланган тартибда тўхтатиб туради;
судьялар ва суднинг бошқа ходимлари малакасини ошириш ишини ташкил этади;
вазифалар тақсимотига мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг таркибий бўлинмалари ишига раҳбарлик қилади;
фуқароларни ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси йўқлигида унинг ваколатларини раиснинг биринчи ўринбосари, биринчи ўринбосар ҳам йўқлигида эса, раис ўринбосарларидан бири амалга оширади.
55-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик
суди судлов ҳайъатларининг раислари
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди судлов ҳайъатларининг раислари:
судлов ҳайъатлари ишини ташкил этади ва уларнинг мажлисларида раислик қилади;
судлов ҳайъатларининг фаолияти тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Раёсатига, шунингдек Пленумига маърузалар тақдим этади;
суд амалиётини умумлаштириш учун суд ишларини талаб қилиб олади;
судьялар малакасини ошириш ишини ташкил этади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
6-БОБ. ҚОРАҚАЛПОҒИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ХЎЖАЛИК СУДИ,
ВИЛОЯТЛАР ВА ТОШКЕНТ ШАҲАР ХЎЖАЛИК СУДЛАРИ
56-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шахар хўжалик судлари таркиби
57-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шахар хўжалик суди ваколатлари
58-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шахар хўжалик суди раиси
59-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шахар хўжалик суди раисининг ўринбосари
56-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди,
вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари таркиби
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари раис, раис ўринбосарлари ва судьялардан иборат бўладилар.
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик судида, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судларида зарур ҳолларда судлов ҳайъатлари тузилиши мумкин.
57-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди,
вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди ваколатлари
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди:
ишларни ўз ваколатлари доирасида биринчи инстанция суди сифатида ва апелляция тартибида кўради;
суд амалиётини умумлаштиради;
қонунга мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
58-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди,
вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди раиси
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди раиси:
суд фаолиятига раҳбарлик қилади;
судлов ҳайъатлари мажлисларида раислик қилиши мумкин;
зарур ҳолларда бир ҳайъат таркибига кирувчи судьяларни бошқа ҳайъат таркибида иш кўришга жалб этади;
раис ўринбосарлари ўртасида вазифаларни тақсимлайди;
судьялар ўртасида ишларни тақсимлайди;
судьялар ва суднинг бошқа ходимлари малакасини ошириш ишини ташкил этади;
суд амалиётини умумлаштириш ва суд статистикасини юритиш ишини ташкил этади;
фуқароларни, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг вакилларини шахсан қабул қилади ҳамда ариза ва шикоятларни кўриб чиқиш ишини ташкил этади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
59-модда. Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди,
вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди раисининг ўринбосари
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят ва Тошкент шаҳар хўжалик суди раисининг ўринбосари:
вазифалар тақсимотига мувофиқ суд ишига раҳбарлик қилади;
тегишли судлов ҳайъатлари ишини ташкил этади;
фуқароларни ҳамда корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг вакилларини шахсан қабул қилади;
суд раиси йўқлигида унинг ваколатларини амалга оширади;
қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ваколатларни амалга оширади.
Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоят, Тошкент шаҳар хўжалик суди раисининг ўринбосари йўқлигида унинг ваколатлари Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати қарори билан судьялардан бири зиммасига юклатилиши мумкин. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги қисм)
IV БЎЛИМ. СУДЪЯЛАР МАҚОМИ
7 боб. Судьялар, уларнинг хуқуқ ва мажбуриятлари (60-66 моддалар)
8 боб. Судьялар мустақиллигининг асосий кафолатлари (67-74 моддалар)
9 боб. Судьяларнинг моддий ва ижтимоий таъминоти (75-76 моддалар)
7-БОБ. СУДЬЯЛАР, УЛАРНИНГ
ҲУҚУҚ ВА МАЖБУРИЯТЛАРИ
60-модда. Судьялар
61-модда. Судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблар
62-модда. Халқ маслахатчилари
63-модда. Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби
64-модда. Судьянинг қасамёди
65-модда. Судьяларнинг хуқуқлари
66-модда. Судьяларнинг мажбуриятлари
60-модда. Судьялар
Судьялар қонунга мувофиқ одил судловни амалга оширишга ваколат берилган шахслардир.
Ўзбекистон Республикасида барча судьялар бир хил мақомга эга.
Судларнинг раислари, раис ўринбосарлари айни вақтда судьялардир.
61-модда. Судьяликка номзодларга қўйиладиган талаблар
Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, олий юридик маълумотга, юридик ихтисос бўйича камида уч йиллик меҳнат стажига эга бўлган ҳамда малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси туманлараро, туман (шаҳар) суди, хўжалик суди судьяси бўлиши мумкин.
Олий юридик маълумотга ҳамда юридик ихтисос бўйича камида беш йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья бўлиб камида икки йиллик меҳнат стажига эга бўлган ва малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Қорақалпоғистон Республикаси Олий суди, вилоят суди, Тошкент шаҳар суди, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий суди судьяси бўлиши мумкин.
Олий юридик маълумотга ҳамда юридик ихтисос бўйича камида етти йиллик, шу жумладан, қоида тариқасида, судья бўлиб камида беш йиллик меҳнат стажига эга бўлган ва малака имтиҳонини топширган Ўзбекистон Республикаси фуқароси Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди судьяси бўлиши мумкин.
Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, офицерлар таркибига кирувчи ҳарбий унвонга эга бўлган ва ушбу моддадаги талабларга жавоб берадиган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд судьяси бўлиши мумкин.
Ҳарбий судлар судьяларига “Умумий ҳарбий мажбурият ва ҳарбий хизмат тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, ҳарбий уставлар, ҳарбий хизматчилар учун белгиланган, шунингдек ушбу Қонунда назарда тутилган ҳуқуқий ва ижтимоий ҳимоялаш чоралари татбиқ қилинади.
62-модда. Халқ маслаҳатчилари
Йигирма беш ёшдан кичик бўлмаган, фуқароларнинг яшаш ёки иш жойидаги йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан икки ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.
Ҳақиқий ҳарбий хизматни ўтаётган, сайлов кунида ўн саккиз ёшга тўлган, ҳарбий қисмлар ҳарбий хизматчиларининг йиғилишларида очиқ овоз бериш йўли билан бир ярим йил муддатга сайланган Ўзбекистон Республикаси фуқароси ҳарбий суд халқ маслаҳатчиси бўлиши мумкин.
Ҳар бир суд учун халқ маслаҳатчилари сони судьяларнинг тегишли малака ҳайъатлари томонидан белгиланади. (ЎзР. 07.12.2001й. 320-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Халқ маслаҳатчилари судлардаги вазифаларини бажариш учун йилига кўпи билан икки ҳафтага навбатма-навбат чақирилади, уларнинг иштирокида бошланган суд ишини кўришни тугаллаш зарурати бу муддатни узайтиришни тақозо этган ҳоллар бундан мустасно. Шу даврда уларнинг иш жойидаги ўртача иш ҳақи сақланиб қолади.
63-модда. Судьяларни сайлаш ва тайинлаш тартиби
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Олий хўжалик суди судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан сайланади. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Қорақалпоғистон Республикаси судларининг судьялари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишилган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан сайланади ёки тайинланади. Мазкур масала Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг хулосаси асосида Ўзбекистон Республикаси Президенти билан келишиш учун киритилади. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
Вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судларнинг, вилоятлар ҳамда Тошкент шаҳар хўжалик судларининг судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
ЎзР 20.03.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонунига мувофиқ тўртинчи қисм чиқариб ташланган
Ҳарбий судлар судьялари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тайинланади.
ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонунига мувофиқ бешинчи қисм тўртинчи қисм деб ҳисоблансин
Судьялар беш йил муддатга сайланади ёки тайинланади.
64-модда. Судьянинг қасамёди
Илк бор судьялик лавозимига сайланган ёки тайинланган шахс қуйидаги мазмунда қасамёд қилганидан кейин ўз вазифасини бажаришга киришади:
“Зиммамга юклатилган вазифаларни ҳалол ва виждонан бажаришга, одил судловни фақат қонунга бўйсунган ҳолда амалга оширишга, судьялик бурчим ва виждоним буюрганидек беғараз, холис ва адолатли бўлишга тантанали қасамёд қиламан”.
Судьялар Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, Қорақалпоғистон Республикасида эса Қорақалпоғистон Республикаси Давлат байроғи олдида ҳам тантанали вазиятда қасамёд қиладилар.
Судьялар қуйидаги тартибда қасамёд қиладилар:
Ўзбекистон Республикаси Олий суди судьялари, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари ва ҳарбий судлар судьялари Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисида;
хўжалик судлари судьялари Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленуми мажлисида;
Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари судьялари Қорақалпоғистон Республикасининг тегишли олий судлари раёсати мажлисида.
65-модда. Судьяларнинг ҳуқуқлари
Судьялар:
мансабдор шахслар ва фуқаролардан одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган ўз фармойишларининг бажарилишини талаб қилиш;
мансабдор ва бошқа шахслардан одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот олиш;
уюшмаларга бирлашиш ҳуқуқига эга.
Судьялар қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.
Давлат органлари, мансабдор шахслар, жамоат бирлашмалари, бошқа юридик ва жисмоний шахслар судьяларнинг одил судловни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган талаб ва фармойишларини сўзсиз бажаришлари шарт. Одил судловни амалга ошириш учун зарур бўлган ахборот, ҳужжатлар ва уларнинг нусхалари судьяларнинг талабига мувофиқ бепул берилади. Судьяларнинг талаблари ва фармойишларини бажармаслик қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.
66-модда. Судьяларнинг мажбуриятлари
Судьялар фуқаролик, хўжалик ва жиноят ишларини, маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги ишларни кўриш чоғида Ўзбекистон Республикасининг Конституциясига ва бошқа қонунларига сўзсиз риоя қилишлари, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, шаъни, қадр-қиммати ва мол-мулки, корхоналар, муассасалар ва ташкилотларнинг ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлашлари, беғараз ва адолатли бўлишлари шарт.
Судьялар судьялик шаънини қатъий сақлашлари, одил судловнинг обрўсини, судьялик қадр-қимматини тушириши ёки судьянинг холислигига шубҳа туғдириши мумкин бўлган хатти-ҳаракатлардан ўзларини тийишлари шарт.
Судьялар судьяларнинг маслаҳат сирини ҳамда ёпиқ суд мажлислари ўтказиш чоғида олинган маълумотларни ошкор қилишга ҳақли эмас.
Судьялар сенатор, давлат ҳокимияти вакиллик органларининг депутати бўлиши мумкин эмас. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
Судьялар сиёсий партияларнинг аъзоси бўлиши, сиёсий ҳаракатларда иштирок этиши, шунингдек илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа бирон-бир турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
8-БОБ. СУДЬЯЛАР МУСТАҚИЛЛИГИНИНГ
АСОСИЙ КАФОЛАТЛАРИ
67-модда. Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш
68-модда. Судьяга нисбатан хурматсизлик қилганлик учун жавобгарлик
69-модда. Суд ишларини хал қилишга аралашишга йўл қўйилмаслиги
70-модда. Судьялар дахлсизлиги
71-модда. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш
72-модда. Судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш
73-модда. Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги
74-модда. Судьялар малака хайъатлари
67-модда. Судьяларнинг мустақиллигини таъминлаш
Судьяларнинг мустақиллиги қуйидагилар орқали таъминланади:
уларни қонунда белгиланган тартибда судьяликка сайлаш, тайинлаш ва судьяликдан озод қилиш;
уларнинг дахлсизлиги;
одил судловни амалга оширишдаги қатъий таомил;
қарор чиқариш чоғида судьялар маслаҳатининг сир тутилиши ва уни ошкор қилишни талаб этишнинг тақиқланиши;
судга ҳурматсизлик ёки муайян ишларни ҳал қилишга аралашганлик, судьялар дахлсизлигини бузганлик учун жавобгарлик;
судьяга давлат ҳисобидан унинг юксак мақомига муносиб моддий ва ижтимоий таъминот бериш.
68-модда. Судьяга нисбатан ҳурматсизлик
қилганлик учун жавобгарлик
Давлат органлари ва бошқа органлар, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар судьяларни ҳурмат қилиши ва уларнинг мустақиллигига риоя этиши шарт.
Судьяга нисбатан ҳурматсизлик қилиш, шунингдек уни очиқдан-очиқ менсимасликдан далолат берувчи хатти-ҳаракатлар қилиш қонунга биноан жавобгарликка сабаб бўлади.
69-модда. Суд ишларини ҳал қилишга
аралашишга йўл қўйилмаслиги
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
Муайян ишни ҳар томонлама, тўла ва холисона кўришга тўсқинлик қилиш ёки ғайриқонуний суд қарори чиқарилишига эришиш мақсадида судьяларга қандай бўлмасин бирон-бир тарзда таъсир этиш қонунга мувофиқ жиноий жавобгарликка сабаб бўлади.
Судьядан кўрилган ёки иш юритишидаги ишлар моҳияти бўйича бирон-бир тушунтиришлар беришни, шунингдек қонун ҳужжатларида назарда тутилган ҳоллардан ва тартибдан ташқари, кимга бўлмасин, танишиб чиқиш учун ишларни тақдим этишни талаб қилиш тақиқланади.
Оммавий ахборот воситалари ўз хабарларида муайян иш юзасидан суд муҳокамаси натижаларини олдиндан ўзича ҳал қилиб қўйишга ёки судга бошқача тарзда таъсир этишга ҳақли эмас.
70-модда. Судьялар дахлсизлиги
Судьянинг шахси дахлсиз. Судьянинг дахлсизлиги унинг турар жойига, хизмат хонасига, фойдаланадиган транспорти ва алоқа воситаларига, хат-хабарларига, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларга тааллуқлидир.
Судьяларнинг шахсий хавфсизлигини таъминлаш мақсадларида уларга тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси, Олий хўжалик суди раиси, адлия вазири томонидан белгиланадиган рўйхат бўйича ўқотар қурол берилади. Зарур ҳолларда тегишли суд раисининг қарорига биноан ички ишлар органи судья ва унинг оиласи учун қуролли соқчилар ажратади.
Судьяга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.
Судья тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленумининг ёки Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ҳибсга олиниши мумкин эмас.
Судья судьяларнинг тегишли малака ҳайъатининг розилигисиз маъмурий жавобгарликка тортилиши мумкин эмас.
Судьянинг турар жойига ёки хизмат хонасига, фойдаланадиган транспортига кириш, уларни кўздан кечириш, уларда тинтув ўтказиш ёки улардан ашёни олиш, телефондаги сўзлашувларини эшитиш, судьяни шахсан кўздан кечириш ва уни шахсий тинтув қилиш, шунингдек унинг хат-хабарларини, унга тегишли ашёлар ва ҳужжатларни кўздан кечириш, олиб қўйиш ёки олишга фақат Қорақалпоғистон Республикаси прокурорининг, вилоят, Тошкент шаҳар прокурорининг, Ўзбекистон Республикаси Ҳарбий прокурорининг рухсати ёки суднинг қарори билан йўл қўйилади.
Туманлараро, туман (шаҳар) суди, округ ва ҳудудий ҳарбий суд судьясига нисбатан жиноят иши юқори турувчи суд судловига, бошқа судлар судьяларига нисбатан эса Ўзбекистон Республикаси Олий суди судловига тегишлидир.
Судда ўз вазифаларини бажараётган даврда халқ маслаҳатчиларига судьялар дахлсизлигининг барча кафолатлари татбиқ этилади.
71-модда. Судьянинг ваколатларини тўхтатиш
Судья жиноий жавобгарликка тортилган тақдирда унинг ваколатлари тўхтатилади.
Умумий юрисдикция судлари ва хўжалик судлари судьяларининг ваколатлари Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг тақдимномасига биноан судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори билан қуйидаги ҳолларда тўхтатиб турилиши мумкин, агар: (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги хат боши), (Олдинги тахририга қаранг)
судья ўз лавозимига зид фаолият билан шуғулланаётган бўлса;
судья тиббий йўсиндаги мажбурлов чораларига тортилган ёки суд қарори билан унинг муомала лаёқати чекланган бўлса;
судья суд қарори билан бедарак йўқолган деб топилган бўлса.
Судьянинг ваколатлари бу ваколатларни тўхтатишга сабаб бўлган асослар бекор бўлгунга қадар тўхтатилади.
Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьялар малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Судьялик ваколатларининг тўхтатилиши унга иш ҳақи тўланиши тўхтатилишига ёки унинг иш ҳақи миқдори камайтирилишига, судьянинг таъминоти даражасини пасайтиришга ва судьяни ушбу Қонунда белгиланган дахлсизлик кафолатларидан маҳрум қилишга сабаб бўлмайди, эҳтиёт чораси сифатида судьяга нисбатан ҳибсга олиш чораси танланган ҳоллар бундан мустасно.
72-модда. Судьянинг ваколатларини муддатидан илгари тугатиш
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Президентининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан; вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари, ҳарбий судлар, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари судьясининг ваколатлари - Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан; Қорақалпоғистон Республикаси судлари судьясининг ваколатлари - Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раисининг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясининг хулосасига асосан киритиладиган тақдимномасига биноан Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан қуйидаги ҳолларда муддатидан илгари тугатилади: (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги хат боши), (Олдинги тахририга қаранг)
1) судьянинг қасамёдини бузган тақдирда;
2) ёзма ариза берган тақдирда;
3) судьяларнинг тегишли малака ҳайъати томонидан огоҳлантириш қилинганидан ёки ваколатлари тўхтатилганидан кейин у судья лавозимига зид фаолият билан шуғулланишни давом эттираверган тақдирда;
4) суд қарори билан муомалага лаёқатсиз деб топилган тақдирда;
5) Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;
6) унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;
7) суднинг қарори билан вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;
8) соғлиғи ҳолатига ёки бошқа узрли сабабларга кўра узоқ вақт мобайнида судьялик вазифасини бажаришга қодир бўлмай қолган тақдирда.
Судьянинг ваколатларини ушбу модда биринчи қисмининг 1, 3 ва 8-бандларида назарда тутилган ҳолларда судьяларнинг тегишли малака ҳайъати қарори асосида муддатидан илгари тугатишга йўл қўйилади.
Судья қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда судьялар малака ҳайъати қарори устидан шикоят қилишга ҳақли.
Халқ маслаҳатчиларининг ваколатлари ушбу модданинг биринчи қисмида кўрсатилган асослар бўйича муддатидан илгари тугатилади, ушбу модда биринчи қисмининг 1 ва 3-бандларида кўрсатиб ўтилган асослар бундан мустасно.
73-модда. Судьяларнинг интизомий жавобгарлиги
Судья:
одил судловни амалга ошириш чоғида қонунийликни бузганлиги учун;
суд ишини ташкил этишда бепарволиги ёки интизомсизлиги оқибатида йўл қўйган камчиликлари учун, шунингдек хизмат борасидаги ёки обрўсига путур етказадиган бошқа хатти-ҳаракати учун фақат судьялар малака ҳайъатининг қарорига асосан интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Ҳарбий суднинг судьяси ҳарбий интизомни бузганлиги учун ҳам интизомий жавобгарликка тортилиши мумкин.
Суд қарорининг бекор қилиниши ёки ўзгартирилишининг ўзи, суд қарорини чиқаришда қатнашган судьянинг, агар у атайлаб қонун бузилишига ёки жиддий оқибатларга олиб келган виждонсизликка йўл қўймаган бўлса, жавобгар бўлишига сабаб бўлмайди.
Судьяларни интизомий жавобгарликка тортиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
74-модда. Судьялар малака ҳайъатлари
Судьяларнинг малака ҳайъати:
судьялик лавозимига номзодларни танлаш;
бўш судьялик лавозимларига тавсия этилаётган номзодлар хусусида Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Судьяларни танлаш ва лавозимларга тавсия этиш бўйича олий малака комиссиясига таклифлар киритиш;
судьянинг интизомий жавобгарлиги;
судьянинг ваколатларини тўхтатиш ёки муддатидан илгари тугатиш;
судьянинг дахлсизлигини таъминлаш;
судьяни малака аттестациясидан ўтказиш ҳамда унга малака даражасини бериш;
судьялар захирасини шакллантириш;
халқ маслаҳатчиларини танлаш ва уларнинг сайловини ўтказиш ишларини ташкил қилиш масалаларини кўриш учун тузилади. (ЎзР. 07.12.2001й. 320-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Умумий юрисдикция судлари судьяларининг олий малака ҳайъати Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми томонидан, Хўжалик судлари судьяларининг малака ҳайъати эса Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари судьяларининг конференциясида беш йил муддатга сайланади. (ЎзР 20.07.2007 й. ЎРҚ-103-сон Қонуни тахриридаги қисм)
Фуқаролик ва жиноят ишлари бўйича Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар, Тошкент шаҳар судлари судьяларининг малака ҳайъатлари тегишли судлар судьяларининг мажлисларида беш йил муддатга, ҳарбий судлар судьяларининг малака ҳайъатлари эса ҳарбий судлар судьяларининг мажлисларида ана шу муддатга сайланади.
Судьяларнинг одил судловни амалга ошириш борасидаги фаолиятига баҳо бериш мақсадида судьяларнинг малака ҳайъатлари вақти-вақти билан судьяларнинг малака аттестацияларини ўтказиб туради.
Судьялар малака ҳайъатларининг фаолиятини ташкил этиш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
9-БОБ. СУДЬЯЛАРНИНГ МОДДИЙ
ВА ИЖТИМОИЙ ТАЪМИНОТИ
75-модда. Судьяларнинг моддий таъминоти
76-модда. Судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий химоялаш чоралари
75-модда. Судьяларнинг моддий таъминоти
Судьяларнинг иш ҳақи лавозим маошидан, малака даражаси, кўп йиллик хизмати учун тўланадиган устама ҳақлардан иборат бўлиб, унинг миқдори қонун ҳужжатлари билан белгиланади.
Судьяларга ҳар йили ўттиз олти иш кунидан иборат ҳақ тўланадиган таътил берилади.
76-модда. Судьяларни ва уларнинг оила аъзоларини
ижтимоий ҳимоялаш чоралари
Судьяларнинг ҳаёти ва соғлиғи давлатнинг махсус муҳофазасида бўлади ҳамда республика бюджети маблағлари ҳисобидан давлат томонидан мажбурий тартибда суғурта қилинади.
Қуйидаги ҳолларда давлат суғурта органлари суғурта суммаларини тўлайди:
судья ишлаётган даврида ёки ваколат муддати тугаганидан кейин ҳалок бўлса (вафот этса), агар бу судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки соғлиғининг бошқача шикастланиши оқибатида рўй берган бўлса, унинг меросхўрларига судьянинг эллик ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолса ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида судьянинг йигирма беш ойлик иш ҳақи миқдорида;
судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этмайдиган ва меҳнат қобилиятининг доимий йўқолишига олиб келмайдиган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида судьянинг беш ойлик иш ҳақи миқдорида.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан келгусида касбга доир фаолият билан шуғулланиш имкониятини истисно этадиган даражада майиб бўлиб қолганида ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилганида мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда унга иш ҳақи ва тайин этилган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда тўлаб борилади.
Судья ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан олган тан жароҳатлари ёки унинг соғлиғига бошқача шикаст етказилиши оқибатида ҳалок бўлса (вафот этса), унинг қарамоғида бўлган меҳнатга қобилиятсиз оила аъзоларига судья иш ҳақининг уларнинг ҳиссасига тўғри келадиган қисми ва боқувчисини йўқотганлиги муносабати билан уларга тайинланган пенсия ўртасидаги фарқ ҳар ойда, мажбурий давлат суғуртаси бўйича олинган тўловларни ҳисобга олмаган ҳолда тўланади.
Судьянинг ўз хизмат вазифаларини бажариши муносабати билан унга тегишли мол-мулкни йўқ қилиш ёки шикастлаш оқибатида етказилган зарар судьяга ёки унинг оила аъзоларига тўлалигича қопланади.
Ушбу модданинг иккинчи, учинчи, тўртинчи ва бешинчи қисмларида назарда тутилган зарарни қоплаш бўйича тўловлар республика бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилиб, кейинчалик улар айбдор шахслардан қонунда белгиланган тартибда ундириб олинади.
V БЎЛИМ. ЯКУНЛОВЧИ ҚОИДАЛАР
77-модда. Суд аппарати
78-модда. Судларнинг тузилиши ва штатлари
79-модда. Судларни молиялаш ва уларнинг моддий-техника таъминоти
80-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг, Олий хўжалик судининг матбуот органлари
81-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди хузуридаги илмий-маслахат кенгаши
82-модда. Судлар мухри
83-модда. Судларда давлат хокимияти рамзлари
84-модда. Судьяларнинг махсус кийими
85-модда. Судьянинг гувохномаси
77-модда. Суд аппарати
Суд аппарати суднинг одил судловни амалга ошириш, суд амалиётини умумлаштириш, суд статистикасини таҳлил қилиш, шунингдек суднинг бошқа вазифаларини бажаришга доир ишларини таъминлайди.
Суд аппарати ходимлари тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раиси ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди раиси томонидан белгиланадиган тартибда аттестациядан ўтадилар. (ЎзР 12.12.2003 й. 568-II-сон Қонуни тахриридаги қисм), (Олдинги тахририга қаранг)
Суд аппарати ходимларига малака даражаларини белгилаш ва уларни бериш тартиби Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан тасдиқланадиган низом билан белгиланади.
78-модда. Судларнинг тузилиши ва штатлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, ҳарбий судлар, Ўзбекистон Республикаси хўжалик судлари тузилиши ва штат бирлигининг сони тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди раисининг, Олий хўжалик суди раисининг тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Қорақалпоғистон Республикаси олий судларининг, вилоятлар ва Тошкент шаҳар судларининг, туманлараро, туман (шаҳар) судларининг тузилиши ва штат бирлигининг сони Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг (Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли органнинг) тақдимномасига биноан Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан тасдиқланади.
Судларнинг штатлар жадвали тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан тасдиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Олий судининг раиси, Олий хўжалик судининг раиси, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган зарур ҳолларда судларнинг штатлар жадвалига штат бирлиги ва меҳнатга ҳақ тўлаш фонди доирасида ўзгартиришлар киритадилар.
79-модда. Судларни молиялаш ва уларнинг
моддий-техника таъминоти
Судларни молиялаш, уларнинг моддий-техника ва ўзга хил таъминоти, биноларини қўриқлаш ва сақлаб туриш республика бюджетидан ажратиладиган маблағлар ҳисобидан амалга оширилади. Ажратиладиган маблағларнинг миқдори Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан тасдиқланади.
Ажратилган маблағларни тақсимлаш:
Қорақалпоғистон Республикаси олий судлари, вилоят судлари, Тошкент шаҳар судлари, туманлараро, туман (шаҳар) судлари учун Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги махсус ваколатли орган томонидан;
ҳарбий судлар учун Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазирлиги томонидан;
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, Қорақалпоғистон Республикаси хўжалик суди, вилоятлар ва Тошкент шаҳар хўжалик судлари учун тегишинча Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди томонидан амалга оширилади.
Ҳар бир суд алоҳида бино ва автотранспорт билан таъминланади.
80-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий судининг,
Олий хўжалик судининг матбуот органлари
Ўзбекистон Республикаси Олий суди ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди ўз матбуот органларига эга бўлади.
81-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий суди,
Олий хўжалик суди ҳузуридаги илмий-маслаҳат кенгаши
Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди ҳузурида маслаҳат органи бўлган ва жамоатчилик асосида ишлайдиган илмий-маслаҳат кенгашлари тузилади. Уларнинг вазифасига суд амалиётида келиб чиқадиган қонун ҳужжатларини қўллашга доир масалалар бўйича илмий асосланган тавсиялар ишлаб чиқиш киради.
82-модда. Судлар муҳри
Судлар Ўзбекистон Республикасининг Давлат герби тасвири туширилган ва ўз номи ёзилган муҳрга эга бўлади.
83-модда. Судларда давлат ҳокимияти рамзлари
Суд биноси узра Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи, суд мажлиси залларида эса Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири ўрнатилади.
84-модда. Судьяларнинг махсус кийими
Судьялар суд мажлисини махсус кийимда олиб борадилар.
Судьянинг махсус кийими тавсифи ва намуналари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати томонидан тасдиқланади. (ЎзР 03.12.2004 й. 714-II-сон Қонуни тахриридаги қисм)
85-модда. Судьянинг гувоҳномаси
Судьяларга гувоҳномалар Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан берилади.