uzbekcha
english
русский
Бош саҳифа Суд ҳақида Ҳуқуқий асослар





Hosting by UZINFOCOM

UzInfoCom

ХЎЖАЛИК СУДИ ПРОЦЕССИДА  АДВОКАТНИНГ ИШТИРОКИ

Маълумки, мамлакатимизда турли жабҳаларда ислоҳотларнинг амалга оширилиши ва бозор ­иқтисодиётига босқичма-босқич ўтилиши натижасида фуқаролар ва юридик шахслар ўртасидаги ҳуқуқий муносабатларнинг доираси кенгайди.

Жумладан, иқтисодий соҳада ва суд-ҳуқуқ тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тадбиркорлик субъектлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш жараёнида юзага келадиган турли хил низо ва келишмовчиликларни суд тартибида ҳал этиш имкониятини кенгайтирди.

Хўжалик юритувчи субъектлар ва тадбиркорларнинг ўз ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилиш учун адвокатга мурожаат этиши табиий ҳолдир.

Бу борада мамлакатимизда адвокатура соҳасини янада ривожлантириш учун самарали ишлар олиб борилмоқда.

2008 йил 31 декабрдаги Ўзбекистон Республикаси «Адвокатура институтини такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўҚрисида»ги Қонунини фикримизнинг далили сифатида келтириш мумкин.

Хўжалик суди процесси фуқаролик суд жараёнининг таркибий қисми ҳисобланиб, иқтисодиёт соҳасида юридик шахслар, юридик шахс тузмаган ҳолда тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган ва якка тартибдаги тадбиркорлар ўртасидаги фуқаровий, маъмурий ва бошқа ҳуқуқий муносабатлардан келиб чиқадиган низоларга доир ишлар хўжалик судида кўриш учун тегишлидир.

Хўжалик судлари томонидан кўрилаётган ишларнинг сони йил сайин ошиб бормоқда. Ишлар сонининг ошиб бориши бир томондан кичик бизнес субъектлари сонининг ошиб бориши билан изоҳланса, иккинчи томондан, республикада мунтазам равишда олиб борилаётган суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг самараси, ҳуқуқий онгни ривожлантириш борасидаги ишлар натижаси, шунингдек адвокатура институтини такомиллаштириш соҳасидаги саъй-ҳаракатлар маҳсулидир.

Жамиятимизда тадбиркорликка кенг йўл очиб берилган ва бу омил юрист ҳамда адвокатларга бўлган талабнинг ошишига сабаб бўлмоқда.

Хўжалк суди процессининг асосий предмети тадбиркорлик ва бошқа иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бўлган низолардир (Ўзбекистон Республикаси Хўжалик процессуал кодексининг 23-моддаси).

Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик процессуал кодексининг 141-моддасида судларга тааллуқли фуқаролик ишлари туман (шаҳар) судларида кўрилиши, қонунда бундай ишларни кўриш бошқа судлар ваколатига берилган ҳоллар бундан мустасно эканлиги белгиланган.

Агар бир бири билан ўзаро боғланган бир неча талабнинг бири умумий юрисдикция судига, бошқаси хўжалик судига тааллуқли бўлса ҳамда уларни ажратиш мақсадга мувофиқ бўлмаса, ХПКнинг 23-моддасига асосан бундай­ низо умумий юрисдикция судида кўрилади.

Тадбиркорнинг мурожаатини кўриб чиқишда адвокатнинг олдида турган биринчи масала низонинг судловга тегишлилик масаласини ҳал этишдан иборатдир. Аслида бу масала жуда оддий кўрингани билан у ўзига хос мураккаб жараёндир.

Адвокат томонидан судловга тегишлилик нотўғри белгиланганлиги мижознинг у суддан бу судга беҳуда сарсон бўлишига, адвокат обрўсининг тушиб кетишига олиб келади. Ушбу ҳолатнинг олдини олиш учун адвокат иш материаллари билан танишаётганда диққат-эътиборини судловга тегишлиликнинг чегараларига қаратмоғи лозим. Судловга тегишлиликнинг асосий мезони ҳуқуқий муносабатнинг иқтисодий характердалиги ва хўжалик судлари ҳамда умумий юрисдикция судлари ўртасидаги чегара предмет белгисидир.

Хўжалик судларига иқтисодий низоларга тааллуқли ишлар ва тадбиркорлик ҳамда иқтисодий фаолиятни амалга ошириш билан боғлиқ бошқа ишлар тааллуқлидир. Жумладан, хўжалик судлари юридик шахслар, чет эллик тадбиркорлар иштирокидаги барча низоларни, ҳакамлик судлари, иқтисодий низолар бўйича чет давлатлар судлари қарорларини тан олиш ва ижро этиш билан боғлиқ низоларни кўриб чиқади.

ХПКнинг 251 -моддасига асосан хўжалик суди ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини бекор қилиш тўғрисидаги ва ҳакамлик судларининг ҳал қилув қарорларини мажбурий ижро этиш учун ижро варақалари бериш тўғрисидаги аризаларни кўриб чиқади.

Хўжалик процессуал кодексининг 24-моддасида хўжалик суди томонидан ҳал этиладиган низолар туркуми кўрсатилган бўлиб, ушбу модданинг иккинчи қисмига асосан хўжалик суди ўзининг ваколат доирасига киритилган бошқа низоларни ҳам ҳал этиши белгиланган.

Бироқ қонунда хўжалик судлари ва умумий юрисдикция судлари ўртасидаги чегарани аниқ белгилаш учун «бош­қа иқтисодий фаолият»га нималар кириши аниқ кўрсатилмаган. Фикримизча, «бошқа иқтисодий фаолият» деганда, юридик ва жисмоний шахслар ўртасидаги тадбиркорлик фаолиятидан келиб чиқмаган, лекин иқтисодий характерга эга бўлган фаолиятни тушунмоқ лозим.

Низоли муносабатлар предметини шартнома ва унга илова қилинган ҳужжатларни дастлабки ўрганиб чиқиш адвокатга судловга тегишлиликни аниқлашга имкон беради.

Хўжалик судлари юрисдикциясига қонун асосида юридик шахслар, тадбиркор-фуқаролар, юридик шахс мақомини олмаган шахслар ўртасидаги иқтисодий низоларни ҳал этиш киритилган. Шунингдек, хўжалик судларига Ўзбекистон Республикаси ва унинг субъектлари, давлат ҳокимияти органлари ва маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органлари ўртасидаги низолар, бу органларнинг қонунга мувофиқ бўлмаган, фуқароларнинг ҳуқуқлари ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини бузадиган ҳужжатларини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги низолар тегишлидир.

Хўжалик процессуал қонунчилиги ҳужжатлари ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин бўлган органлар доирасини чекламайди. Бироқ, бу хилдаги ишларни хўжалик суди ваколати доирасига киргиза туриб, ХПК шикоят қилинаётган ҳужжатнинг юридик табиатини ҳисобга олади. Ҳужжатларни ҳақиқий эмас деб топиш ҳақидаги ишлар хўжалик судига тегишли бўлишининг мажбурий шартларидан бири уларнинг норматив характерга эга бўлмаганлигидир. Яъни, бу ҳужжат аниқ шахсга ёки шахслар гуруҳига қаратилган бўлиши лозим. Масалан, туман ҳокимининг маълум бир фермер хўжалигига ер участкасини бериш ёки фермер хўжалигига берилган ер участкасини туман ҳокимлиги захирасига олиш каби қарорлари устидан судга шикоят қилиш мумкин.

Хўжалик суди кўриб чиқиши мумкин бўлган бу хилдаги ишларнинг бош­қа мажбурий шарти шикоят қилинаётган ҳужжатнинг қонунчиликка мос келмаслиги, яъни бу ҳужжат билан фуқаро ва ташкилотнинг қонун билан ҳимоя қилинадиган манфаатларининг бузилишидир. Норматив характердаги ҳужжатлар хўжалик суди томонидан ҳақиқий эмас деб топилиши мумкин эмас. Шу билан бирга адвокат даъво ариза киритишда давлат органи ёки фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг ҳужжатини бекор қилиш тўғрисида эмас, балки уни ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисида даъво киритиш лозимлигига эътибор қаратилиши керак.

Адвокат айрим ишларнинг фақат хўжалик судларига тааллуқли эканлигини ёдда тутмоғи лозим.

Шу билан бирга адвокат хўжалик судига тааллуқли низо тарафларнинг келишувига асосан ҳакамлик судига берилиши мумкинлигини ҳам эсидан чиқармаслиги керак. Шартномада томонлар низо келиб чиққанда иш ҳакамлик судида кўриб чиқилиши тўғрисида келишишлари мумкин. Ушбу ҳолатда низо ҳакамлик судида кўриб чиқилади.

Шундай қилиб, ишнинг хўжалик судига таалллуқлилиги аниқланди, энди низонинг у ёки бу хўжалик судига тегишлилик масаласини аниқлаш лозим. ХПКнинг 27-моддасига асосан даъволар жавобгар жойлашган жойдаги хўжалик судига тақдим этилади. Адвокат даъвогарнинг танлаши бўйича судловга тегишлилик (ХПКнинг 28-моддаси), шартнома бўйича судловга тегишлилик (ХПКнинг 32-моддаси) ва алоҳида судловга тегишлилик (ХПКнинг 31-моддаси)га эътиборни қаратиши зарур.

Адвокатнинг ишда иштироки ордер ва ишончнома орқали расмийлаштирилади. Процессуал ҳаракатларни амалга ошириш ҳуқуқини берувчи ишончнома орқали ишда иштирок этиш анча қулай ҳисобланади, бунда ишончномада ҳар бир процессуал ҳаракат алоҳида кўрсатилган бўлиши лозим. Масалан, даъво аризани имзолаш, даъводан воз кечиш, апелляция ва кассация шикоятини имзолаш ва ҳоказо.

Хўжалик судларида иштирок этаётган адвокатнинг иши даъвогар ёки жавобгар манфаатларини ҳимоя этганда бир-биридан фарқ қилади. Агар даъвогар манфаатлари ҳимоя этилаётган бўлса, адвокат низони судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби белгиланганлигини аниқлаши шарт. Хусуан, бундай тартиб Ўзбекистон Республикаси Ҳаво кодексининг 122-моддасида, темирйўл транспорти ҳақидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда белгиланган.

Шуни эътиборга олиш лозимки, низоларни судгача ҳал этиш (талабнома юбориш) тартиби даъвогар учун фақатгина қонунда ёки шартномада белгиланган ҳолларда мажбурийдир.

Адвокат учун мижозининг ҳуқуқини ҳимоя этиш усулини аниқлашда даъвонинг предметини асослаб бериш муҳим аҳамият касб этади. Даъвонинг предмети даъвогарнинг жавобгарга нисбатан моддий ва ҳуқуқий талабидир. Даъво талаби предметининг қанчалик тўҚри белгиланганидан процесснинг қай даражада муваффақиятли ўтишини белгилаш мумкин. Шунинг учун аввало мижознинг қайси ҳуқуқи бузилганлиги, ушбу ҳуқуқниг ўзи мавжудми ёки йўқми, ҳуқуқнинг бузилганлигини нима билан тасдиқлаш мумкинлигини аниқлаб олиш керак.

Даъво бериш ҳуқуқи субъектив ҳуқуқ бузилишининг ўзи эмас, балки бу ҳуқуқнинг маълум процессуал тартиб ва шаклда суд орқали ҳимоя қилинишдир.

Масалан, «А» фермер хўжалигига ер участкаси бериш тўғрисидаги туман ҳокимининг қарорини ҳақиқий эмас деб топиш тўғрисидаги «Б» фермер хўжалиги томонидан даъво беришдан олдин, «Б» фермер хўжалигининг қонун билан қўриқланадиган қайси ҳуқуқи бузилганлигини аниқлаш лозим.

Даъво талаби предметини аниқлаш учун адвокат Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг                       11-моддасига мурожаат этиши керак. Ушбу моддада фуқаролик ҳуқуқларини ҳимоя этиш усуллари кўрсатилган.

Адвокат аниқ бир иш учун усулларнинг қай биридан фойдаланишни билиши ҳам лозим.

Иш материалларини ўрганиш ва даъвони тайёрлаш жараёнида адвокат ўз йўналишини шакллантиради, бу йўналиш кейинги ҳаркатларнинг асосини ташкил этади.

Даъво талабини расмийлаштиришда адвокат ким жавобгар бўлиши, ким қайси томондан учинчи шахс бўлиши, суд қарори яна бирон-бир шахснинг қонуний манфаатларига таъсир этиши мумкинлигини аниқлаши лозим. Даъво аризасининг шакли ва мазмуни ХПКнинг 112-модасида баён этилган бўлиб, уларга риоя этмасик даъво аризанинг қайтарилишига, кўрмасдан қолдирилишига олиб келади.

Даъво аризанинг ваколатли шахс томонидан имзоланишига ҳам эътибор қаратиш зарур. Ўар қандай ҳолатда ҳам даъво аризасини имзолаган шахс ваколатлари даъво аризаси ва унга илова қилинган ҳужжатларда аниқ ва равшан кўрсатилиши шарт.

Жавобгар манзилининг аниқ кўрсатилиши ҳам муҳим аҳамият касб этади, чунки шу кўрсатилган манзил билан жавобгарга суд ҳужжати юборилади, унинг нотўғри кўрсатилиши эса процессуал хатоликка йўл қўйилишига сабаб бўлади.

Г. АБДУКАРИМОВА,

Самарқанд вилоят хўжалик

суди судьяси

16.12.2011 10:48
Untitled Document ЎЗБЕКИСТОН РЕСПУБЛИКАСИ ОЛИЙ ХЎЖАЛИК СУДИ ПЛЕНУМИ
Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик судининг навбатдаги пленуми бўлиб ўтди. Унда судьялар, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.
30.06.2011 12:28
Untitled Document
Жорий йилнинг 30 июнь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.
20.05.2011 12:52
Untitled Document Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида
30.11.2010 17:12
Жорий йилнинг 30 ноябрь – 1 декабрь кунлари “TOSHKENT PALACE” меҳмонхонасида Ўзбекистон Республикаси Олий суди, Олий хўжалик суди, БМТнинг наркотик ва жиноятчилик бўйича бошқармаси ҳамда Олий суд ҳузуридаги Тадқиқот маркази ҳамкорлигида БМТнинг коррупцияга қарши Конвенцияси қоидалари ва БМТнинг стандартлари ҳамда нормаларига мувофиқ суд органлари ходимларининг профессионал этикаси, жавобгарлиги, шунингдек ҳалоллиги масалалари бўйича ташкил этилган халқаро тренинг (конференция) ўтказилди
19.11.2010 16:01
Жорий йилнинг 19 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди Пленумининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда давлат ҳокимияти органлари, суд, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органларнинг масъул ходимлари, ҳуқуқшунос олимлар, Олий хўжалик суди судьялари, илмий маслаҳат кенгаши аъзолари ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этдилар.